Ўзбекистон Республикаси Банк – молия академиясининг халқаро алоқалари тўғрисида МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил  17 майдаги 180-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси республика банк-молия тизими учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида нуфузли хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятини олиб бормоқда. 1996 йилдан буён Академия хорижий ҳамкорлар иштирокида қуйидаги ишларни амалга ошириб келмоқда:

  1. 1996 йилдан бошлаб Академия Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат тадқиқотлари институти билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу давр мобайнида Академиянинг жами 183 нафар тингловчиси ва 36 нафар ўқитувчиси Японияда тажриба орттириш дастурларида иштирок этдилар. Академияга Япония Молия вазирлиги, банклари, университетлари ва компанияларининг 200 дан ортиқ раҳбар ва экспертлари ташриф буюриб, тингловчи ва ўқитувчилар учун банк-молия соҳасининг долзарб масалалари юзасидан маърузалар ўтказдилар.

Ўзбекистон банк-молия соҳаси учун етук мутахассислар тайёрлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун Япониянинг собиқ молия вазири Масаджуро Шиокава, Осиё Тараққиёт Банки собиқ президенти Тадао Чино, Япония Бош вазири ўринбосари, молия вазири Таро Асо жанобларига Академия Илмий кенгаши қарорлари билан “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси фахрий доктори” унвони тақдим этилган.

Бундан ташқари Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат тадқиқотлари институтининг вакили – профессор Ш.Кашиваги Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси биринчи проректори вазифасида ҳам фаолият юритиб, Академия ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

  1. 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Европа банк таълими тизимига (EBTN) ассоциациялашган аъзо сифатида қўшилиб, Европа мамлакатларининг банк-молия таълими ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятига эга бўлди. Бу даврда Академиянинг 119 нафар тингловчиси Буюк Британиянинг Фарнборо технологиялар коллежида, 115 нафар тингловчиси Голландиянинг Маастрихт менежмент мактабида, 50 нафардан зиёд тингловчиси Бельгия банк академиясида, Греция Миллий банки қошидаги ўқув курсларида, Польшанинг Варшава банк институтида ва Латвиянинг Рига Бизнес ва молия олий мактабида ўз малакаларини ошириб қайтдилар.
  1. 2012 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Буюк Британиянинг элчихонаси ва Британия Кенгашининг ваколатхонаси билан ҳамкорликда халқаро сертификатлашган семинарлар ташкил этилиши йўлга қўйилди. Бу даврда Буюк Британиянинг Бат университети ва Лондон-Метрополитэн университети профессорларининг халқаро молия, банк ҳисоби ва аудит, солиқлар ва солиққа тортиш масалалари бўйича семинарлари ташкил этилди. Уларда 200 дан ортиқ Академия тингловчилари муваффақиятли иштирок этиб, халқаро сертификатларга эга бўлдилар.
  1. 2003 йилда Академия Люксембург Молиявий технологияларни узатиш агентлиги (ATTF) билан ҳамкорлик ўрнатди. Ушбу ташкилот билан ҳамкорлик даврида Академиянинг 241 нафар тингловчиси ва 17 нафар ўқитувчиси Европанинг молиявий марказларидан бири бўлмиш Люксембургда тажриба орттириш дастурларида иштирок этдилар. ATTF кўмагида 30 дан ортиқ Европанинг нуфузли банк-молия ташкилотлари экспертлари Академияга ташриф буюриб, тингловчилар билан банк иши ва молиявий технологиялар масалаларига бағишланган машғулотлар ўтказдилар.
  1. 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Германиянинг Бремерхафен амалий фанлар университети билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатди. Шундан бери ҳар йили Бремерхафен университетида замонавий банк иши, халқаро молия тизими ва инвестицияларни бошқариш мавзуларида ёзги махсус ўқув дастурлари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда замонавий банк ишини ташкил этиш, халқаро молия, инвестицияларни бошқариш мавзуларида ўтказилган дастурларда Академиянинг 135 нафар тингловчиси ва 9 нафар ўқитувчиси иштирок этиб, ўз малакаларини ошириб қайтдилар.
  1. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Германиянинг Дойче Банки билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва шу йили Академияда ушбу банк экспертларининг “Корпоратив молия ва инвестицион қарорлар қабул қилиш” мавзусидаги семинар-тренинги ташкил этилди. Жорий 2015 йилда ҳам Академияда Дойче Банкнинг Корпоратив–Жамоат Ҳамкорлиги дастури доирасида “Корпоратив молия ва глобал бозорлар” мавзусидаги семинар-тренинги бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда Академиянинг 80 нафардан ортиқ тингловчилари иштирок этиб, уларнинг якунида тегишли халқаро сертификатларга эга бўлишди. Келгусида ҳам Дойче Банк билан Академия ҳамкорлигидаги бундай семинарларни ҳар йили ташкил этиб бориш кўзда тутилган.
  1. Швейцария Миллий банки қошидаги Герцензи ўқув маркази ҳам 2007 йилдан бери ўзининг марказий банклар ходимлари учун ташкил этиладиган семинарларига Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси тингловчиларини таклиф этиб келмоқда. Ҳозиргача Академиянинг 8 нафар тингловчиси монетар сиёсат, инфляцияни прогнозлаштириш, молиявий барқарорликни таъминлаш, молия бозори инструментлари мавзуларидаги семинарларда фаол иштирок этиб қайтди.
  1. Академиянинг Европадаги яна бир яқин ҳамкорларидан бири – Прага Иқтисодиёт ва менежмент университетидир. Ушбу таълим маскани билан 2011 йилдан бери ўрнатилган ҳамкорлик мобайнида Академиянинг 120 нафарга яқин тингловчиси ва 1 нафар ўқитувчиси Чехия ва Европа банк тизими, давлат молиясини бошқариш, пенсия ва солиқ тизими, суғурта иши мавзуларидаги тажриба орттириш дастурларида иштирок этди.
  1. 2003 йилда Малайзия техник ҳамкорлик дастури билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан сўнг Академия тингловчи ва ўқитувчилари Малайзияда ҳам тажриба орттириш имконига эга бўлдилар. Жумладан, Малайзия техник ҳамкорлик дастурининг гранти доирасида Академиянинг 21 нафар тингловчиси ва 1 ўқитувчиси 2014 йилнинг 7-21 ноябрь кунлари Куала Лумпур шаҳрида “Малайзияда давлат молиясини бошқариш, пенсия, суғурта ва солиқ тизими” мавзусида ўтказилган тажриба орттириш дастурида иштирок этдилар. Ушбу дастур доирасида Малайзиянинг солиқ, молия, пенсия, суғурта ва бюджет сиёсати соҳасидаги тажрибаси, ундаги сўнгги ўзгариш ва янгиланишлар бўйича назарий ва амалий ўқув машғулотлари ўтказилди. Шунингдек, дастурнинг амалий қисмида Академия тингловчилари Малайзия солиқ департаменти, Mалайзия пенсия фонди, Жамоат хизматлари департаменти, Малайзия суғурта институтига ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрдилар ва уларнинг фаолияти билан бевосита танишдилар.
  1. Сўнгги йилларда Академия эришган энг катта ютуқлардан бири бу, шубҳасиз – Корея Республикасининг Кеймюнг Университети билан Академия ўртасида 2012 йилда имзоланган “Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумдир”. Шу даврда Кеймюнг Университетининг 10 нафар ўқитувчилари Академияга ташриф буюриб, тингловчилар билан банк иши ва молия соҳаларида қўлланилаётган сўнгги ахборот-коммуникация технологиялари масалаларига бағишланган маърузалар ўтказдилар. Бундан ташқари, 2015 йилнинг 3-15 июль кунлари Академиянинг 20 нафардан ортиқ ўқитувчи ва тингловчилари Кеймюнг Университетида Корея Республикаси банк ва молия тизими бўйича ташкил этилган халқаро ўқув курсларида иштирок этиб қайтдилар.
  1. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси дунёнинг бошқа давлатлари банк-молия таълими ташкилотлари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Академия ташкил этилганидан бери 200 дан ортиқ тингловчи ва ўқитувчилар Корея Республикасининг Ёжу технологиялар институтида, Хитойнинг Шанхай университетида, Ҳиндистон Халқаро техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури курсларида, Туркия халқаро ҳамкорлик агентлиги дастурларида, Миср банк институтида, Сингапур менежментни ривожлантириш институтида, Россиянинг Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт ва молия университетида ва АҚШ Федерал заҳира тизими курсларида ўқув-амалиёт ва тажриба орттириш дастурларида иштирок этдилар.