Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги 1460-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 17 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги 180-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Бугунги кунда Академия банк-молия соҳасида ўқув, ўқув-услубий, илмий ва ахборот-таҳлил, шунингдек, банк-молия бошыарув ҳодимлари ва мутахассислари тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини бошқаришда республикамизнинг бош марказидир.

Юқорида қайд этилган қонунчилик ҳужжатлари асосида 1996 йил БМА да қуйидаги факультетлар ташкил этилган:

  1. Банк иши.
  2. Молия.
  3. Банк, молия ва солиқ бошқарув ҳодимлари малакасини ошириш.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида солиқ иши кафедрасини ташкил этиш тўғрисида”ги 445-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 15 апрелдаги “Банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 56-сонли қарорига биноан Академияда “Солиқ иши” ва “Лойиҳавий молиялаштириш” кафедралари ташкил этилди.

Республика иқтисодиётининг тармоқ ва соҳаларига талаб этилган мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, олий таълим мутахассисликларини янада оптималлаштириш ва унификация қилиш мақсадида, 2011 йилда таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг янги Классификатори тасдиқланди. Ушбу Классификаторга асосан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида қуйидаги мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрланмоқда:

  1. Банк иши.
  2. Банк ҳисоби ва аудит.
  3. Инвестицияларни бошқариш (банк сектори).
  4. Инвестицияларни бошқариш (реал сектор).
  5. Давлат молиясини бошқариш.
  6. Суғурта иши.
  7. Пенсия иши.
  8. Корпоратив молия ва қимматли қоғозлар бозори.
  9. Аудит (молия соҳаси).
  10. Солиқлар ва солиққа тортиш.

 

Бугунги кунда академияда 5 та факультет фаолият юритмоқда:

  1. Банк иши.
  2. Молия.
  3. Солиқ иши.
  4. Лойиҳавий молиялаштириш.
  5. Малака ошириш.

 

Юқоридаги факультетлар негизида 7 та кафедра фаолият юритиб келмоқда:

  1. Банк иши.
  2. Молия.
  3. Инвестициялар.
  4. Бухгалтерия ҳисоби ва аудит.
  5. Пенсия ва суғурта иши.
  6. Солиқлар ва солиққа тортиш.
  7. Чет тиллари.

Академияда таълим жараёни давлат таълим стандартлари асосида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг замонавий талабларидан ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, молия ва банк иши соҳасидаги ҳалқаро таълим стандартлари талаблари доирасида ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар асосида олиб борилади.

Ташкил этилган кундан бугунги кунга қадар Академияни қарийб 2500 нафар магистрант муваффақиятли тамомлаган бўлиб, уларнинг 1200 таси, хорижий тажрибани ўрганиш ва олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида, АҚШда, Европа ва Осиё мамлакатларида қисқа ўқитиш курсларида (стажировка) бўлиб қайтишди.

Шубҳасиз илмий фаолиятда ҳам ютуқлар ўзига яраша бўлиб, бугунги кунга қадар академияда 32 та докторлик ҳамда 257 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, банк-молия ва солиқ соҳасининг 9000 нафар мутаҳассиси Малака ошириш факультети (МОФ) курсларида ўқишга эришишди.

БМА профессорлари ҳамда академиянинг ташкил этилиши, ривожланиши ва Ўзбекистоннинг банк-молия соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш жараёнида мувафаққиятли фаолият олиб боришига бевосита боғлиқ бўлган Япониянинг илғор давлат раҳбар-ходимлари ҳукуматимизнинг бир қатор фахрий унвон ва мукофотларига лойиқ топилишди.

Жумладан, 2002 йилда Ўзбекистон банк-молия соҳасига малакали кадрлар тайёрлашдаги ҳамда ўзбек-япон ҳамкорлиги ва ҳалқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги сермаҳсул меҳнати ва қўшган хиссаси учун Академия Ўқув-услубий кенгаши  қарори билан БМА биринчи проректори (1996-2003 йй.), Васеда Университети профессори Тошихару Китамурага Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси “Фахрий профессори” унвони берилди.

2003 йил май ойида Академияга ташриф буюрган Япония молия вазири Масаджуро Шиокавага Академия Илмий Кенгаши қарори билан Банк-молия академиясининг “Фахрий доктор” даражаси берилди.

2003 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Тошихару Китамура “Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган хиссаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси банк-молия тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги хизматлари учун” “Дўстлик” ордени давлат мукофоти билан тақдирланди.

2007 йил сентябрда Номура илмий текшириш институтининг бош маслаҳатчиси, ОТБ нинг собиқ президенти жаноб Тадао Чинога “Фахрий доктор” даражаси берилди.

2014 йил 5 май куни Япония Бош Вазири ва Молия Вазири жаноб Таро Асога “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг Фахрий доктори” даражасини бериш маросими олдидан, Вазир жаноблари академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари олдида тантанали нутқ сўзлади.

2013 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилиниб, унга кўра БМА да таълим олиш муддати 2 йилни ташкил этадиган бўлди. Бу эса, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда олий таълимнинг умумқабул қилинган халқаро стандартларига тўла мос келади.

Шу кундан бошлаб, академия тарихининг янги босқичи бошланиб, унинг асосий мақсади банк, молия, солиқ иши ва инвестициялар соҳасига юқори малакали рахбар кадр ва мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир. Мазкур мутахассислар инглиз тилини яхши ўзлаштириб, ўз мутахассислигининг назарий билим ва амалий кўникмаларини пухта эгаллаб, шунингдек, хорижнинг нуфузли таълим ва тадқиқот марказларида, халқаро ва хорижий молия институтларида малака оширга эришадилар.