Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига 2016-2017 ўқув йилида кириш тест синовлари 2016 йил 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Кириш тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Давлат тест маркази томонидан Академия билан келишилган ҳолда белгиланади.

Кириш тест синовлари бўйича номзодларнинг максимал балли 200 баллни ташкил қилади ва ушбу баллар қуйидагилардан ташкил топади:

«Демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш назарияси ва амалиёти асослари» фани бўйича — 0 баллдан 50 баллгача;

«Инглиз тили» фани бўйича — 0 баллдан 50 баллгача;

«Мутахассислик фани» фани бўйича — 0 баллдан 100 баллгача.

Халқаро тест бўйича инглиз тилида IELTS (International English Language Testing System) ёки TOEFL (Test of English as a Foreign Language) имтиҳон топширган ва амалдаги IELTS сертификати бўйича камида 5.0 баллга ёки ушбу баллнинг эквивалентига тенг бўлган ТOEFL сертификатига эга бўлган номзодлар «Инглиз тили» фани бўйича кириш тест синовларини топширишдан озод этилади. Ушбу номзодларга «Инглиз тили» фанидан максимал 50 балл ҳисобланади.

Белгиланган тартибда GMAT (The Graduate Management Admission Test — бизнес мактабларида муваффақиятли ўқиш имкониятларини аниқлаш учун стандартлаштирилган тест) тизимида камида умумий 500 баллик амалдаги сертификатга эга бўлган номзодлар «Мутахассислик фани» ва «Инглиз тили» фанларидан кириш тест синовларини топширишдан озод этиладилар. Ушбу номзодларга «Мутахассислик фани» ва «Инглиз тили» фанлари бўйича максимал 150 балл ҳисобланади.

Кириш тест синовларининг натижалари Давлат тест марказининг қайдномасига киритилади ва ушбу қайднома қабул комиссияси учун танлов ўтказишга асос ҳисобланади. Бунда, кириш тест синовлари бўйича максимал 200 баллнинг 25 фоизидан кам балл тўплаган номзодлар танловда иштирок этмайди.

Академия магистратурасига кириш тест синовларини қайта топшириш тақиқланади.