Дунёда турли касбу-ҳунарлар кўп. Аммо улар орасида энг улуғи ва  шарафлиси мураббийликдир. Зеро, ҳар биримизни шу даражага етишимизга сабабчи бўлган кишилар – устозлардир. Улар бизга илм-маърифат бериш билан бирга инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириб боради. Мамлакатимизда устозлар ва мураббийларга эътибор ўзгача. 1997 йилдан бошлаб 1-октябрь “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда.   Ушбу айём Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида  ҳам нишонланмоқда. Академия тингловчилари кириш йўлагини байрамона безатиб,  эрта тонгдан ҳар бир ўқитувчи ва мураббийларни гуллар билан қарши олишди.

Академия ректори Б.Т.Бердияров сўзга чиқиб,  барча ўқитувчи ва мураббийларни ушбу айём билан самимий муборакбод этиб, уларга  шарафли ва машаққатли  фаолиятида зафарлар тилади.

Академияда   узоқ йиллардан  бери фаолият юритиб келувчи “Молия” кафедраси профессори М.Йўлдошев ҳам мамлакатимиздаги барча устоз ва мураббийларни касб байрами билан муборакбод этиб, бу касби орқали ҳамиша фаҳр хиссини туйишини таъкидлаб ўтди.

“Инвестицияларни бошқариш (реал сектори)”, 2 – курс тингловчиси  Д.Сагатов  сўзга чиқиб,  Академиянинг барча устоз ва мураббийларини тингловчилар номидан  касб байрами билан табриклади . Берган билимлари учун улардан миннатдор эканлигини таъкидлаб, ташаккур айтди.

Тадбир давомида Академия ректори бир қатор номинациялар бўйича устоз ва мураббийларни тақдирлади. Жумладан: “Банк иши” кафедраси профессори Н.Х.Жумаев “Энг фаол профессор”, Д.Кариева “Энг жонкуяр ўқитувчи”, К.Хотамов  “Энг фаол кафедра мудири”  , Н.Турсунова  “Энг фаол кабинет мудири” номинациялари бўйича тақдирланди,  “Бугалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит” кафедраси эса  “Илмий салоҳияти енг юқори кафедра”  деб топилди.