Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ташкил этилгандан буён бир қатор хорижий ташкилотлар  билан ҳамкорлик алоқаларини олиб боради. Бундан кўзланган мақсад ривожланган мамлакатлар илғор тажрибасини ўрганиш ва ўз мутахассисликлари доирасида юртимизда татбиқ этиш орқали мамлакатимизни ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш. Академияда фаолият юритувчи мутахассислар ва тингловчилар шу мақсадда ҳар йили хорижий мамлакатларда тажриба орттириб қайтишади.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Япония, Буюк Британия, Нидерландия, Белгия, Греция, Полша, Люксембург, Германия, Швейцария, Чехия Республкаси, Малайзия, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Сингапур, Россия Федерацияси, АҚШ каби дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ташкилотлар  билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Академия ўқитувчилари ва тингловчилари ҳар йили ушбу мамлакатларда ўқув-амалиёт ва тажриба орттириш дастурларида, илмий-амалий семинарларда, ўқув курсларида иштирок этиб, ўз мутахассисликлари бўйича билим ва малакаларини шакллантириб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Германиянинг Бремерхафен амалий фанлар университети ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасига биноан Академиянинг 1 босқич тингловчиларидан 28 нафари “Солиқлар ва солиққа тортиш”  кафедра мудири, и.ф.д. И.М.Ниязметов бошчилигида 2019 йилнинг 1 августидан 15 августига қадар тажриба орттириб келдилар. Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари турли тадбирлар юзасидан бир қатор ташкилотларда иштирок этишди.  Хусусан, Германиянинг “Promotionbank”(тараққиёт банк), “Sparkassa”(жамғарма банк) ва бошқа молия ташкилотларига ташриф уюштиришди.

Делегация аъзолари сафар давомида Европанинг бир қатор диққатга сазовор жойларида бўлишди. Хусусан, Германиянинг Бремен, Франкфурт, Кёлн шаҳарлари, Шимолий денгизда жойлашган Hellgoland ороли, Францияниг Париж ва Нидерландиянинг Амстердам шаҳарларига уюштирилган саёҳатлар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

13 август куни Германиянинг Бремерхафен амалий фанлар университетида Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан  Ўзбекистон кечаси ташкил қилинди. Мазкур кечада Бремерхафен шаҳри мутасаддилари, Бремерхафен амалий фанлар университети ректори, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси вакиллари,  15дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган тингловчилар ва бошқалар иштирок этишди.

Ташриф давомида Академия аъзолари ўз мутахассисликлари бўйича керакли тажрибаларни орттириб  қайтишди.