Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия академиясини ташкил этиш тўғрисида» 1996 йил 2 майдаги ПФ–1460-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган.  Ҳозирги кунда ушбу Академияда  банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўйича, шунингдек кўрсатиб ўтилган соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 599-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Академия магистратурасига кириш тест синовлари кўринишида ўтказилади ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ташкил қилинади. Академияга  кириш тест синовлари 10 сентябрь куни  Турин Политехника Университетида ўтказилиши белгиланган.

Бугун Турин Политехника Университетида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига кириш тест синовлари ўтказилди.

Абитуриентлар “Иқтисодиётни монетар тартибга солиш”, “Тижорат банкларини бошқариш”, “Банк ҳисоби, аудити ва назорати”, “Инвестицияларни бошқариш (банк сектори)”, “Инвестицияларни бошқариш (реал сектор)”, “Давлат молиясини бошқариш”, “Давлат молиявий назорати ва аудити”, “Суғурта компанияларини бошқариш”, “Пенсия фондларини бошқариш”, “Корпоратив молияни бошқариш”, “Солиқлар ва солиққа тортиш”  мутахассисликларига  ўқишга  кириш учун 389та номзод  тест синовлари топширишди.