9 май санаси Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг 1999 йил 2 мартдаги ПФ-2243-сон фармонига биноан Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинди. Фармон матнида “… бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида… ”, деган жумлалар мавжуд. Дарҳақиқат, Ватан ривожига ҳисса қўшиш, ёш авлодни комил инсон сифатида тарбиялаш кишидан фидокорликни талаб қилади. Ана шундай фахрий ва фахрли кишилар Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида ҳам йиллар давомида фаолият юритиб, юртимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Ёш авлод уларнинг бу фидокорона меҳнатларини ҳеч қачон унутишмайди. Улар ҳамиша ардоғимизда. Уларнинг залворли ва фидокорона ҳаёт йўлларини ҳар қанча ўрнак қилсак арзийди. Академияда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 7 май куни фахрий устозлар билан учрашув ташкил қилди. Учрашувга Академиянинг биринчи ректори  иқтисод фанлари доктори, профессор Очилов Мирсобит Фозилович, иқтисод фанлари доктори, профессор Акрамов Эргаш Акрамович, иқтисод фанлари доктори, проф. Ўлмасов Аҳмад Ўлмасовичлар ташриф буюришди. Тадбирни Академия ректори в.в.б.  иқтисод фанлари номзоди, доцент Б.Бердияров олиб борди.

Фахрий меҳмонлар ўз хотираларини тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашишди. Академиянинг биринчи ректори М.Ф.Очилов Академия очилиши тарихи ҳақидаги хотираларини шундай эслайди: 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Банклари Ассоциацияси йиғилишида Банк-молия академиясини ташкил қилиш ҳақида илк маротаба гапирилди. 1996 йил июнь ойидан иш бошланган бўлса шу йилнинг 4 ноябрь санасида Академия очилди…Ўша вақтлар Ш.М.Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида фаолият юритар эди. Ҳафтада 2-3 маротаба келиб, иш жараёнининг бориши билан танишиб, қандай ёрдам керак бўлса кўмаклашишини айтар эди. Академия очилишига 23 йил тўлган бўлса, бу давр мобайнида ушбу даргоҳдан   вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, банк-молия соҳасида раҳбар кадрлар етишиб чиққан, “Мен улар билан фахрланаман”.

М.Ф.Очилов Академия жамоаси ва тингловчиларига ўзининг қимматли маслаҳат ва таклифларини берди. Жумладан, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, тингловчиларнинг, албатта, ривожланган мамлакатларга бориб тажриба орттиришлари, бу келгуси меҳнат фаолиятида ижобий таъсирга эга эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, чет тилини ўрганишга алоҳида аҳамият берилиши, Академияни тамомлаган тингловчилар фаолиятидан доим хабардор бўлиб туриш кераклигини айтиб ўтди.

Кўп йлллар мобайнида Академияда фаолият юритган, иқтисодиёт соҳасига ўз ҳиссасини қўшган,  бир қатор иқтисодий илмий асарлар муаллифи иқтисод фанлари доктори, профессор А.Ў.Ўлмасовнинг таъсирли нутқи йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Академиянинг аввалги нуфузини сақлаб қолиш, уни янада тараққий эттириш борасидаги таклифларини билдириб ўтди.

Яна бир фахрий устоз иқтисод фанлари доктори, профессор Э.А.Акрамов  сўзи аввалида бугунги устоз ва шогирдлар учрашувидан бениҳоя хурсандлигини мамнуният билан таъкидлаб, бугунги кундаги Республикада амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришларга тўхталар экан, Академия тингловчилари бунга ўз ҳиссасини қўшишига ишонишини айтиб  ўтди. Суҳбат сўнгида устознинг “Сизлар, албатта, Президентимиз, устозлар ишончини қозонасизлар, юртимиз иқтисодиётини юксакка кўтарасизлар, мен бунга ишонаман”, –  деган сўзларини ёш авлод мамнуният билан тинглади.

Учрашувда ҳозирги кунда академияда ўз билим ва тажрибаларини тингловчиларга улашиб келаётган устоз иқтисод фанлари доктори,  профессор,Муталиб Ибрагимович Юлдашев сўзга чиқди. Устозларни ҳар қанча эъзозласак, уларга таъзим қилсак арзийди, дея бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг сатрларини келтириб ўтди. Ривожланиш, иқтисодий юксалишнинг асоси меҳнатда эканлигини таъкидлаб, ўзининг “Меҳнат ҳақида”ги шеърини ўқиб берди.

Тадбир давомида фахрийлар тингловчиларга юксак ишонч билдириб, иқтисод, молия соҳасининг бугунги кундаги аҳамияти  ҳақида гапириб ўтди. Давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар ва шароитлардан оқилона фойдаланишлари зарурлиги, зеро ёшликда олган билим ва кўникмалар келгуси амалий фаолиятлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир сўнгида тингловчилар фахрийларга мазмунли суҳбат ва қимматли маслаҳатлари учун чуқур миннатдорлик билдириб, уларни яқинлашиб келаётган “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этдилар. Устозларга ўзларининг совғаларини тақдим этдилар.