2019 йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш: институционал, иқтисодий ва ташкилий жиҳатлари” мавзусида республика миқёсида илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Фонд бозорининг профессионал иштирокчилари билан бигаликда ўтказилган конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Банк-молия академияси ва Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Конференция давомида иштирокчиларга Ўзбекистон фонд бозорининг илғор етакчи жиҳатлари масалалари бўйича батафсил ахборот тақдим этилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон фармони билан тасдиқланган “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинган 2019 йилда мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш ва қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

Фонд бозорини тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган қимматли қоғозлар бозорида манипуляция қилиш атамаси ушбу соҳадаги халқаро амалиётга асослангани қайд этилди. У қимматли қоғозлар билан битимлар тузишда талаб ва чекловларни аниқлаштиради ва асоссиз манипуляция айбловларининг олдини олади.

Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, қимматли қоғозлар билан репо битимларини Ўзбекистон Республикаси резидентлари фонд биржаси ва қимматли қоғозлар билан савдо ташкил қилувчиларнинг махсус майдончаларида амалга оширишлари мумкин. Илгари ушбу тартиб облигациялар ва ёпиқ акционерлик жамиятларининг акцияларигагина тегишли эди.

Қимматли қоғозлар чиқариш тартибларига киритилган ўзгартишлар алоҳида қайд этилди. Уларга кўра, акция ва облигация эмиссияларини рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган хужжатлар сони қисқартирилди, қимматли қоғозлар ва улар улушларии конвертация қилиш билан боғлиқ бир қатор меъёрлар аниқлаштирилди, эмиссия проспектида кўрсатиладиган маълумотлар рўйхати қисқартирилди.

Шу билан бирга, конференцияда қимматли қоғозлар билан боғлиқ биржадан ташқаридаги битимлар ҳисоб регистри, қимматли қоғозлар бозорида манипуляциянинг олдини олиш қоидалари ва қимматли қоғозлар билан репо битимларни амалга ошириш низомига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сўз борди.

Конференция иштирокчилари томонидан Молия вазирлиги томонидан чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиш тартиби, еврооблигациялар чиқариш ва жойлаштириш масалалари, тижорат банкларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини ривожлантириш сабаблари ва муаммолари кенг муҳокама қилинди.

Конференция иштирок этган экспертларнинг фикрича хозирги кунда, тижорат банклари мамлакатимиз қимматли қоғозлар бозорининг малакали  иштирокчиси сифатида,  бир вақтнинг ўзида,  бир нeча хилдаги вазифаларни бажариши мумкин деб таъкидлашган . Бу вазифалар қуйидагилардан иборат:

– қимматли қоғозларнинг акциялар, корпоратив облигациялар, дeпозит омонат сeртификатлари, дeпозит сeртификатлари ва банк вeксeлларини муомалага чиқарувчи эмитентлар сифатида;

– ўз мижозларига қимматли қоғозлар бозорига доир маслаҳатлар, улар учун рeeстр юритувчи ва дeпозитар опeрацияларни бажарувчи сифатида;

– иқтисодиётнинг бошқа хўжалик юритувчи субъeктлари ва давлатнинг қимматли қоғозларини сотиб олувчи сармоядорлар сифатида;

–  ўз мижозларига қимматли қоғозларга инвeстициялар қилиш учун уларга бeрилган қимматли қоғозлар ва пул маблағларини бошқариш бўйича хизматлар кўрсатадиган инвeстиция институти сифатида қатнашиши мумкин.

Ҳақиқатдан ҳам республикамизда тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида эмитент, инвестор ва молиявий хизмат кўрсатувчи бўлиб иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелдаги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида банклар амалга оширадиган банк операциялари таркибига “қимматли қоғозлар чиқариш, харид қилиш, сотиш, ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, қимматли қоғозлар билан бошқа операцияларни бажариш” ҳам кўрсатилган.

Тижорат банкларининг инвестор сифатида қимматли қоғозлар бозорига иштирок этиш ҳолатини кўриш учун уларнинг активлари таркибини кўриб чиқиш лозим. 2018 йил 1 февраль ҳолатига банк тизими активлари таркибида инвестициялар ва бошқа қимматли қоғозлар 1585 млрд.сўмни ёки активларнинг 0,9% ташкил қилган бўлса, 2019 йил 1 феврал ҳолатига ушбу кўрсаткичлар мос равишда 2364 млрд. сўм ва 1,1% бўлган. Ушбу ҳолат банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестор сифатида иштирок этиши жуда сустлигини кўрсатади.

Шунингдек, тижорат банклари ўзларининг ресурс базасини кенгайтириш учун аҳоли, хўжалик субъектлари ва муассасаларнинг бўш маблағларини жалб қилишда депозит сертификатлари ва корпоратив облигациялар эмиссиясидан фойдаланишади. Аммо республикамизда тижорат банкларининг ушбу йўналишда ҳам фаоллиги жуда пастдир. Буни банк тизимининг мажбуриятлари таркибида чиқарилган қимматли қоғозларнинг ҳажми ва улушидан кўриш мумкин. 2018 йил 1 февраль ҳолатига банк тизими мажбуриятлари таркибида чиқарилган қимматли қоғозлар 125 млрд.сўмни ёки жами мажбуриятларнинг 0,1% ташкил қилган бўлса, 2019 йил 1 феврал ҳолатига ушбу кўрсаткичлар мос равишда 10 млрд. сўм ва 0,01% бўлган.

Конференция иштирокчиларининг таъкидлашича, амалга оширилаёган ушбу кенг қамровли ислоҳотларга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Жаҳон Банки, Халқаро валюта фонди каби нуфузли ташкилотларнинг ҳисоботларида юксак баҳо бериб келинмоқда. Натижада Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳамда хорижий ҳусусий сармоядорлар, йирик трансмиллий компаниялар, халқаро молия институтларининг Ўзбекистонга бўлган ишончи ва қизиқиши янада ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, ушбу конференция маҳаллий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда бошқа олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот марказлари олимлари томонидан амалга оширилган илмий тадқиқотлари натижасида шаклланган таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари томонидан жами 10 дан зиёд маъруза ва чиқишлар қилиниб, халқаро ташкилотлар вакиллари ва республика банк-молия тизими мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Мулоқот натижасида конференцияси кун тартибидаги масала юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга ҳамда O`zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига киритилиши белгилаб олинди.