Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг 16 нафар тингловчиси 2019 йил 28 феврал-12 март кунлари Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган “Rome International Careers Festival 2019” доирасида Европанинг нуфузли ташкилотлари менежерлари томонидан бошқарув қарорларини қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Rome Business Game 2019” форумида муваффақиятли қатнашдилар.

Ўқув машғулотлари даставвал Барселона Университетида, кейинчалик Рим шахридаги Луис Университетида ўтказилди. Мазкур форумда жуда кўп давлатлардан келган олий ўқув юртлари талабалари билан бир қаторда Академия тингловчилари ҳам фаол иштирок этиб, катта тажрибага эга бўлган профессор ўқитувчилар, шунингдек нуфузли ташкилотлар менежерлари маърузаларини тингладилар. Амалиёт дарсларида эса гурухларга бўлиниб тингловчилар берилган билимларни мустахкамлаб, берилган масалаларни янги ғоялар асосида ечимини топиб тақдимотлар тайёрлаб, хар бир гуруҳ алоҳида ўз тақдимотини намойиш этишган.

Академия тингловчилари иштирокчилар, ташкилотчилар ва маърузачилар билан ўтказилган суҳбатларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, республика банк тизими ҳамда Академия фаолияти ҳақида атрофлича маълумот бериб, уларда ижобий тассурот қолдириб қайтдилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг реал секторини ривожлатиришда жаҳон амалиётининг энг илғор тажрибасини ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш бўйича фикр алмашилди.

Семинар машғулотларидан сунг тингловчилар Рим, Флоренция   шаҳарлари хамда Ватикан давлатининг қадимий ёдгорликларини томоша қилиб, машхур биноларидан бири Колизей ёнида суръатга хам тушишган.

Фестивални 10 йиллигига бағишланган барча тадбирлар ва семинар машғулотлари “Costa Diadema” кемасида ташкил қилиниб, Чивитавеккья, Савона, Марсель, Барселона, Пальма де Майорка, Палермо каби Ўрта ер денгизи бўйи йирик шахарлари бўйлаб кемада сайл қилинди.

Ўтказилган курс якунлари бўйича иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.