Ректорнинг қутлови


Хонимлар ва жаноблар

1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан ушбу олий таълим муассасаси ташкил топган ва шу вақт ичида Академия жамоаси муҳим муваффақиятларга ва катта ютуқларга эришган.

Академия шу давр мобайнида тўрт мингга яқин юқори малакали раҳбарларни етиштирди. Академияда ўқиш юқори ишонч ва порлоқ келажакнинг гарови ҳисобланган. Банк ва молия соҳаси мутахассислари орасида, “Қани энди мен ҳам шу даргоҳда ўқисам, Академия орқали илм ортириб, чет элга ўқишга бориб келсам” деб юрганлари кўп.

Ўтган даврлар мобайнида Академия профессор-ўқитувчилари юқори савияда дарс ўтиб, тингловчилар эътиборига сазовор бўлиб келганлар. Бу ажойиб анъаналар ҳозирги вақтгача ҳам сақланиб келаяпти ва бундан биз ғурурлансак арзийди.

Замон талаблари кундан-кунга ўзгариб, олдимизга мураккаб вазифаларни қўймоқда. Умуман олганда, бутун жаҳон миқёсида олий таълимга нисбатан бизнес, буюртмачилар томонидан норозиликлар ва танбеҳлар талайгина.

Маълумки:

  • ахборот алмашиш жараёнлари тезлашмоқда ва замонавий мутахассис томонидан ўзлаштирилиши зарур бўлган билимлар ҳажми мисли кўрилмаган даражада ўсяпти, айрим олимлар нуқтаи назарида, ҳар беш йилда маълумот ҳажми икки баробар ўсиб бораяпти;
  • билим ва маълумотлар оммабоп тарқаляпти, ўқитувчилар илгари эга бўлган “билимлар монополияси” бекор бўлди, Гугл билан рақобатлашмоқ осон эмас, ёшлар Интернетда биздан тезроқ ишлайди;
  • роботлаштириш ва сунъий интеллект кириб келиши табиий ҳол бўлиб қоляпти.

Мазкур жараёнларда ҳар бир олий ўқув юрти олдида жамиятда ўз ўрнини эгаллаш вазифаси турибди.

XI асрда Классик Болония университети талабалар ҳамжамияти бўлган бўлса ва элитага олий маълумот бериб кунини кўрган бўлса, XX асрда Университет 2.0 илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиб, жамият ривожига ўз ҳиссасини кўшиб келган, аммо XXI аср талабига жавоб бериш учун бу ҳам камлик қиляпти.

Университет 3.0 бу олий маълумот, илмий изланиш ва тадбиркорликни уйғунлиги ҳисобланади.

Банк-молия академияси олдида турган мақсад айнан шундан иборат. Ҳар биримиз ўз иш жойимизда нафақат ўқитувчи, балки ҳар биримиз долзарблиги юқори бўлган муаммоларни ҳал қилувчи олим ва ўз тадқиқотини илм ва техника бозорида сотиб биладиган тадбиркор бўлишимиз керак.

Бу жараёнлар албатта кўпчилик учун янги ва нотаниш. Лекин ушбу янги ҳақиқатга қанча тез мослашиб билсак, шунча кўпроқ ютамиз. Бозор шароитида ким янги тенденцияга тезроқ мослашса, ўша муваффақиятга эришади.

Бу ўзгаришлар осон ўтади деган фикрдан йироқман. Қийинчилик билан бўлади, катта меҳнат талаб қилади. Лекин биз бирга бўлсак, албатта буни уддалаймиз.

Академия қошида Бизнес инкубатор тузилади, Венчур молиялаштириш фонди ташкил қилинади ва янги юқори технологияларга эга корхоналар ташкил топади. Улар инкубаторда ўстирилиб, кейинчалик банкларга, молиявий ташкилотларга, сармоядорларга сотилади. Натижада, ҳар бир ўз ҳиссасини кўшган илмий ходим янги тузилган бизнесларга шерик бўлади ва фойдасини кўради.

Юқори малакали кадрларни топиш, ўстириш ва тарбиялаш Академияни устувор йуналиши бўлиб қолади. Бизнинг мақсадимиз яқин 3 йилда республикамиз молия ва банк соҳасида “Энг кучли юзталикни” тарбиялаб, раҳбар лавозимларга кўтариш.

Лидерларни фақат лидерлар тарбиялай олади. Шунинг учун ўқитувчиларимиз ўзлари замонавий билимга эга амалиётчилар ва етук олимлар бўлиши керак. Илмий изланишларни янги поғонага кўтаришга мажбурмиз. Илмий ишларимиз соҳани долзарб муаммоларини ҳал қилиши керак. Бизнес буюртмачиларимиз ишларимиз учун пул тўлашга навбатда туриши керак. Халқаро иқтибосни кўтаришнинг ягона йўли – жаҳон даражасидаги муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссамизни қўшишдир ва бунга қурбимиз етади деб ўйлайман, изланишларни оқилона, астойдил бажарсак бўлди. 

Ихтисослашган илмий кенгаш масаласига тўхталиб ўтмоқчиман. Янгидан шаклланган Илмий кенгаш аъзолари халқаро обрў-эътиборга эга, фаннинг илғор йўналишларида изланишлар олиб бораётган маҳаллий ва чет эл профессорларидан иборат бўлади. Академияда учта тилда фаолият олиб борилади. Академиянинг Илмий кенгашида химоя қилиш энг мураккаб, адолатли ва обрўли, нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада юқори тан олинадиган даражада бўлади. 

Банк-молия академиясини ривожлантириш концепциясининг 7 энг муҳим бандлари қуйидагича.

  1. Очиқ қабул – барча ўқиш орзусида юрганларга Академия эшикларини очаяпти;
  2. Иқтидорли талабалар – иккинчи курс битирувчилари учун танлов эълон қилинади, магистратурада ўқиш ҳам очиқ танлов йули билан, банк ва молия ташкилотлари иштирокида, амалга оширилади;
  3. Янги мутахассисликлар – илк бор банк бизнеси ва молияни бошқариш соҳасидаги бакалавр ва магистрлар (BBA ҳамда MBA) таҳсил оладилар;
  4. 12 ой, ишдан ажралмаган ҳолда – магистратурада ўқиш имконияти, талабалар ярим ставкада мутахассислиги буйича ишлашга мажбур;
  5. Ҳалқаро банклари билан ҳамқорликда – амалий ўқитиш даструрлари жорий этилмоқда, Сбербанк, Credit Suisse, Unicredit билан биргаликда;
  6. Энг йирик банкларнинг васийлиги – кадр, маблағ ва стратегик ривожланиш масалалари Академия Кенгаши томонидан, биргалашиб ҳал қилинади;
  7. Учта янги кампус – Молиявий ахборот технологиялар мактаби, Халқаро банк мактаби ва Executive MBA (энг юқори лавозимдаги рахбарлар учун) уч йилда курилиб ишга туширилади.

 

Олдимизда турган чўққиларни эгаллаб, жамоамиз аъзолари юзлари ёруғ бўлишига, ғурурланиб юришимизга аминман.

Олдимизда оқилона меҳнат орқали топиладиган барака ва хурсандчилик бўлишига ишонаман.

 

Хурмат ва эҳтиром билан,

Банк-молия академияси

Ректори Ядгаров Тимур Дамирович

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ РАСМИЙ ВЕБ-САЙТИ
Сайтга ўтиш

ЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ПОРТАЛИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТ ПОРТАЛИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН БАНКЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИ
Сайтга ўтиш