2022 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети ректори, иқтисод фанлари доктори Максимцев Игорь Анатольевич ва бошқа масъул ходимлар расмий ташриф билан келишди.

Банк-молия академияси ректори в.б., иқтисод фанлари доктори Хошимов Элмурод Абдусатторович меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаган ҳолда, Академиянинг тарихи ва давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда таълим соҳасида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, яратилаётган имкониятлар натижасида Академия эришаётган ютуқлар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети ўртасида ҳамкорликка асос солинганлиги, Академия тингловчиларининг мазкур университетда хорижий амалиёт ўтагани тўғрисида, бундан кейин ҳам тингловчилар хорижий амалиёти ва профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш аҳамияти тўғрисида гапириб ўтилди.

Россиялик делегация раҳбари И.А.Максимцев Академия мезбонлиги учун миннатдорчилик билдирди, Ўзбекистонда охирги йилларда ривожланишнинг янги босқичига ўтилгани, ўзаро ҳамкорлик борасида жуда кўп ишлар қилингани қайд этилди. Шунингдек, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети тарихи ва Университет тўғрисида умумий маълумот бериб ўтилди.

Банк-молия академияси ректори в.б. Э.А.Хошимов ва Санкт-Петербург иқтисодиёт университети ректори И.А.Максимцев тантанали равишда ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашди.

Шартнома имзолангандан кейин И.А.Максимцев Академиянинг фаҳрий меҳмонлар китобида ўз эзгу тилакларини билдирган ҳолда эсдалик ёзуви қолдирди. Россиялик меҳмонларга Академия тингловчилари учун яратилган шароитлар кўрсатилди.

Учрашувда шунингдек Миллий банк координатори У.Б.Атамуратов, Академия ўқув ишлари бўйича проректор Б.Т.Бердияров ва халқаро бўлим бошлиғи Г.А.Джумаева қатнашдилар.

Учрашув якунида мутахассисларни тайёрлаш, тингловчилар алмашинуви, банк-молия соҳаси бошқарув кадрлари учун малака ошириш дастурларини амалга ошириш, халқаро аккредитация ва халқаро грант лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилиш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди.


Улашинг: