Қисқача тарихий экскурс


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНК-МОЛИЯ АКАДЕМИЯСИ

ҚИСҚАЧА ТАРИХИЙ ЭКСКУРС

Ташкил этилиши ва ривожланиш тарихи

         Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги 1460-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 17 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги 180-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

         1996 йили  Ўзбекистон  Республикаси  Банклари Ассоциацияси  йиғилишида   Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини  ташкил қилиш борасида  илк маротаба сўз очилди.  Ва  шу йилнинг июнь ойидан Академияни ташкил қилиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилган бўлса,  шу йилнинг4  ноябрь санасида Академия  очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси  - банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича, шунингдек кўрсатиб ўтилган соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

          Бугунги кунда Академия банк-молия соҳасида ўқув, ўқув-услубий, илмий ва ахборот-таҳлил, шунингдек, банк-молия бошыарув ҳодимлари ва мутахассислари тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини бошқаришда республикамизнинг бош марказидир.

         Банк-молия академияси ташкил этилганига 23 йил тўлган бўлса, бу қисқа давр мобайнида ушбу даргоҳдан вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, шунингдек, кўплаб банк, молия, солиқ тизимлари  ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари етишиб чиқди.

Факультетлар

         Академияда ҳозирги кунда 4 та магистратура йўналиши, яъни:

  • Банк иши
  • Молия
  • Солиқ иши
  • Лойиҳаларни молиялаштириш факультетларида бошқарувчи кадрлар тайёрланмоқда, шунингдек,
  • Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида ҳам тингловчиларга билим берилмоқда.

Кафедралар

Қуйидаги:

-     Банк иши

-     Молия

-     Инвестициялар

-     Бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит

-     Пенсия ва суғурта иши

-     Солиқлар ва солиқ солиш

-     Чет тиллар кафедраларида Академия тингловчиларига таълим бериб келинмоқда.

Мутахассисликлар

         Академия  тингловчиларига:

  •  “Иқтисодиётни монетар тартибга солиш”,
  •  “Тижорат банкларини бошқариш”,
  • “Банк ҳисоби, аудити ва назорати”,
  • “Инвестицияларни бошқариш (банк сектори)”,
  • “Инвестицияларни бошқариш (реал сектор)”,
  •  “Давлат молиясини бошқариш”,
  • “Давлат молиявий назорати ва аудити”,
  • “Суғурта компанияларини бошқариш”,
  •  “Пенсия фондларини бошқариш”,
  • “Корпоратив молияни бошқариш”,
  • “Солиқлар ва солиққа тортиш” мутахассисликлари бўйича халқаро таълим стандартларига мос келувчи ўқув дастурлар асосида  таълим бериб келинмоқда.

          Академияда дунёнинг етакчи хорижий университетлари  ва илмий марказларида таҳсил олган, стажировка ўтаган ва малака оширган, илғор хорижий таълим стандартлари ва технологияларини пухта эгаллаган , замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдалана оладиган, ўз мутахассислиги бўйича фундаментал ва замонавий  билимга эга бўлган  профессор-ўқитувчилар, доцентлар  тингловчиларга мутахассислик фанининг замонавий илмий-назарий , методологик ва амалий муаммоларидан сабоқ бериб келмоқда. 

Халқаро алоқалар

   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил  17 майдаги 180-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси республика банк-молия тизими учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида нуфузли хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятини олиб бормоқда.

         1996 йилдан бошлаб Академия Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат тадқиқотлари институти билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. БМА профессорлари ҳамда академиянинг ташкил этилиши, ривожланиши ва Ўзбекистоннинг банк-молия соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш жараёнида мувафаққиятли фаолият олиб боришига бевосита боғлиқ бўлган Япониянинг илғор давлат раҳбар-ходимлари ҳукуматимизнинг бир қатор фахрий унвон ва мукофотларига лойиқ топилишди.

         2003 йил май ойида Академияга ташриф буюрган Япониянинг собиқ молия вазири Масаджуро Шиокавага Ўзбекистон банк-молия соҳаси учун етук мутахассислар тайёрлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун Академия Илмий Кенгаши қарори билан Банк-молия академиясининг “Фахрий доктор” даражаси берилди.

      2007 йил сентябрда Номура илмий текшириш институтининг бош маслаҳатчиси, Осиё Тараққиёт Банки собиқ президенти Тадао Чинога Банк-молия академиясининг  “Фахрий доктор” даражаси берилди.

           2014 йил 5 май куни Япония Бош Вазири ва Молия Вазири жаноб Таро Асога Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг “Фахрий доктор” даражасини бериш маросими олдидан, Вазир жаноблари академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари олдида тантанали нутқ сўзлади.

      Бундан ташқари Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат тадқиқотлари институтининг вакили – профессор Ш.Кашиваги Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси биринчи проректори вазифасида ҳам фаолият юритиб, Академия ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

         Булардан ташқари  Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси  Буюк Британия, Голландия, Белгия, Греция, Полша, Люксембург, Германия, Швейцария, Прага, Малайзия, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Сингапур, Россия Федерацияси, АҚШ каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Академия ўқитувчилари ва тингловчилари ҳар йили ушбу мамлакатларда ўқув-амалиёт ва тажриба орттириш дастурларида, илмий- амалий семинарларда,  ўқув курсларида иштирок этиб, ўз мутахассисликлари бўйича билим ва малакаларини шакллантириб боришмоқда.

         2013 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилиниб, унга кўра БМА да таълим олиш муддати 2 йилни ташкил этадиган бўлди. Бу эса, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда олий таълимнинг умумқабул қилинган халқаро стандартларига тўла мос келади.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ РАСМИЙ ВЕБ-САЙТИ
Сайтга ўтиш

ЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ПОРТАЛИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТ ПОРТАЛИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН БАНКЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИ
Сайтга ўтиш