Норматив ҳужжатлар


Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида НИЗОМ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 599-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг (кейинги ўринларда Академия деб аталади) магистратурасига (кейинги ўринларда магистратура деб аталади) ҳамда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Академия магистратурасида банк, молия ва солиқ тизими ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассислари олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ икки йиллик ўқув режалари асосида тайёрланади ҳамда битирувчиларга тегишли мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги диплом ва магистр даражаси берилади.

3. Банк, молия ва солиқ тизими ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассислари бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ 16 (ўн олти) ҳафтага мўлжалланган таълим дастурлари асосида қайта тайёрланади ва битирувчиларга қайта тайёрлаш курслари якуни бўйича белгиланган намунадаги диплом берилади.

4. Манфаатдор вазирликлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва мутахассисларининг малакаси бошқарув кадрлари ҳамда мутахассислари малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ 4 (тўрт) ҳафтагача бўлган муддатга мўлжалланган ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилиб, битирувчиларга малака ошириш курслари якуни бўйича белгиланган намунадаги сертификат берилади.

5. Магистратурага кириш тест синовлари ва суҳбат шаклида, номзодларнинг танловига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилида амалга оширилади.

6. Магистратурага ўқишга барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов принциплари асосида қабул қилинади.

7. Магистратура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг асосий иш жойи ва ўртача иш ҳақи миқдори ўқиш муддати мобайнида сақланади. Бунда иш берувчи тасдиқланган иш ҳақи фонди доирасида магистратурада таълим олаётган тингловчининг ўқишни тамомлаш даври якунига қадар муддатга тузилган шартнома асосида бошқа ходимларни тегишли иш жойига қабул қилиши мумкин.

2-боб. Магистратурага қабул қилиш тартиби

8. Магистратурага тингловчилар мутахассисликлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул квоталарига мувофиқ давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

9. Магистратурага номзодлар олий маълумотга эга бўлган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналари ҳамда бошқа ташкилотларда камида бош мутахассис ёки унга тенглаштирилган лавозимда ишлаб турган, ёши 40 (қирқ) дан ошмаган шахслар орасидан танлов асосида қабул қилинади.

10. Магистратурага ҳужжат топшираётган вақтда номзодлар тавсия этаётган вазирликлар ва бошқа ташкилотларда камида 2 (икки) йиллик меҳнат стажига эга бўлишлари лозим.

11. Тавсия этилаётган номзодларнинг Академия таълим ва илмий-тадқиқот дастурларини тўлиқ ва сифатли ўзлаштиришини таъминлаш мақсадида инглиз тилини етарли даражада эгаллаган, ахборот-коммуникация технологияларидан эркин фойдалана оладиган ҳамда кенг умумкасбий билим ва дунёқарашга, юксак маънавий сифатларга эга бўлишлари талаб этилади.

12. Академия манфаатдор вазирликлар ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили биринчи чорак мобайнида банк, молия, солиқ тизими ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари бўйича бошқарув кадрларига бўлган ҳақиқий ҳамда истиқболдаги талабни ўрганиб чиқади.

Ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини жорий ҳамда истиқболдаги ривожлантириш дастурлари инобатга олинган ҳолда банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрларини тайёрлашга бўлган эҳтиёжлари асосидаги буюртмалар, шунингдек, Академиянинг моддий-техника базаси ва илмий-педагогик имкониятларини инобатга олган ҳолда мутахассисликлар бўйича магистратурага тингловчиларни қабул қилиш квотасининг лойиҳаси шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Академия магистратурасига тингловчиларни қабул қилиш квотасини тасдиқлаш бўйича қарори ҳар йили 1 июлга қадар қабул қилинади.

13. Магистратурага тингловчиларни қабул қилиш уч босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич — бевосита кадрлар буюртмачиларининг ўзида, вазирликлар ва бошқа ташкилотларда, бошқарув лавозими захирасида турган шахслар орасидан магистратурада ўқишга номзодларни ўрганиш ва суҳбат орқали танлаб олиш;

иккинчи босқич — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) томонидан ташкил этиладиган «Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик», «Мутахассислик фани» ва «Амалий инглиз тили» фанлари бўйича ўтказиладиган тест синовлари;

учинчи босқич — Давлат тест маркази томонидан ташкил этилган кириш тест синовлари натижалари ҳамда магистратурада ўқитишнинг таълим шакллари бўйича ажратилган қабул квоталарига мувофиқ тингловчиларни Академияга қабул қилиш натижаларини эълон қилиш.

14. Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовларига киритилган фанларнинг ўқув дастурлари Академия кафедралари томонидан ишлаб чиқилади ва Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ўқув дастурларининг матнлари кириш тест синовлари бошланишидан камида бир ой олдин Академия томонидан расмий эълон қилинади.

Кириш тест синовларининг саволлари мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган фанларнинг ўқув дастурлари асосида Давлат тест маркази томонидан тузилади.

15. Магистратурага номзодларни дастлабки ўрганиб чиқиш ва суҳбат асосида танлаб олишни ташкил қилиш мақсадида бевосита вазирликлар ва бошқа ташкилотларда идоравий комиссия тузилади. Идоравий комиссиянинг таркиби вазирлик ёки ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Номзодлар уларни юбораётган вазирликлар ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари захираси таркибидан танлаб олинади.

Академия талабларига мос келадиган номзодларни сифатли ва холисона танлаб олиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиш учун вазирликлар ва бошқа ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари шахсий жавобгар ҳисобланади.

16. Ҳужжатларни қабул қилиш, уларни дастлабки ўрганиб чиқиш ҳамда номзодларни суҳбат асосида танлаб олиш идоравий комиссия томонидан ҳар йили май-июнь ойларида амалга оширилади.

Идоравий комиссия ҳужжатларни дастлаб кўриб чиқади ва уларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини аниқлайди.

Номзоднинг магистратурага кириш танловида қатнашиши учун берилган тавсиялар бўйича идоравий комиссиянинг қарори комиссия раиси (ташкилот раҳбари) томонидан имзоланади, унинг асл нусхаси почта орқали Академияга юборилади.

17. Магистратурага қабул тегишли ўқув йили учун ташкил этилган Академия қабул комиссияси (кейинги ўринларда Қабул комиссияси деб аталади) томонидан ташкил этилади.

Қабул комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Академия ректори томонидан тасдиқланади.

Қабул комиссияси ўз фаолиятини Академия кенгаши томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади.

18. Магистратурага кириш учун Қабул комиссиясига номзодлар қуйидаги ҳужжатларни ҳар йили 1 июлдан 30 июлга қадар тақдим этадилар:

идоравий комиссия қароридан кўчирма;

мутахассислиги кўрсатилган ҳолда Академия томонидан белгиланган шаклдаги ариза;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асли (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илованинг асли;

номзоднинг иш жойидан тавсифнома;

3,5 x 4,5 ҳажмдаги 6 та рангли фотосурат;

ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа;

086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;

меҳнат дафтарчасидан нусха;

Қабул комиссиясига асл нусхаларини кўрсатган ҳолда паспорт ва ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси.

19. Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовларида қатнашишга Қабул комиссияси томонидан рухсат бериш тўғрисидаги қарор ҳар йили 5 августга қадар қабул қилинади.

20. Магистратурага кириш тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 20 августда ўтказилади.

Магистратурага кириш учун тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Академия билан келишилган ҳолда Давлат тест маркази томонидан тасдиқланади.

21. B2 ва ундан юқори даражада чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи амалдаги давлат намунасидаги малака сертификатларига ёки CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича В2дан кам бўлмаган даражада чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификатларга эга бўлган, IELTS (International English Language Testing System инглиз тили бўйича тестдан ўтишнинг халқаро тизими) тизими бўйича инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи ва натижалари камида 6.0 баллдан кам бўлмаган жорий сертификатга эга ёки ушбу баллнинг TOEFL (Test of English as a Foreign Language хорижий тил сифатида инглиз тилини билиш бўйича тест) тизими бўйича эквиваленти мавжуд бўлган номзодлар «Амалий инглиз тили» фани бўйича тест синовларидан озод этиладилар ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл белгиланади.

22. Белгиланган тартибда GMAT (The Graduate Management Admission Test — бизнес мактабларида муваффақиятли ўқиш имкониятларини аниқлаш учун стандартлаштирилган тест) тизимида камида умумий 500 баллик амалдаги сертификатга эга бўлган номзодлар «Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик» ҳамда «Амалий инглиз тили» фанларидан кириш тест синовларини топширишдан озод этиладилар ва уларга мазкур фанлар бўйича максимал балл белгиланади.

23. Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларининг натижалари ҳар бир фан бўйича 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Тест синовлари натижалари Давлат тест маркази раҳбари томонидан имзоланадиган қайдномага киритилади ва жорий йилнинг 22 августига қадар Қабул комиссиясига тақдим этилади.

Кириш тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Давлат тест маркази томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобга мувофиқ Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

24. Кириш тест синовлари натижаларига кўра,номзодлар тўплаган умумий баллар миқдорини эътиборга олган ҳолда Қабул комиссиясига, айрим мутахассисликлар бўйича юқори балл тўплаган номзодларни қабул қилиш мақсадида тингловчиликка қабулнинг умумий квотаси доирасида мутахассисликлар бўйича қабул кўрсаткичларига ўзгартириш киритишга рухсат берилади.

25. Давлат тест маркази томонидан ўтказилган кириш тест синовлари натижалари ҳамда мутахассисликлар бўйича қабул квоталарини эътиборга олган ҳолда, Қабул комиссияси томонидан минимал ўтиш баллари белгиланади.

Бунда минимал ўтиш бали номзод йиғиши мумкин бўлган максимал баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

26. Қабул комиссияси кириш тест синовлари натижаларига кўра,энг юқори балларга эга бўлган номзодларни қабул квотасига мувофиқ танланган мутахассисликлар бўйича давлат гранти асосида магистратурага биринчи навбатда, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этган ҳолда қабул қилишга тавсия қилади.

27. Қабул комиссияси кириш тест синовлари натижаларига кўра, кейинги юқори балларга эга бўлган номзодларни қабул квотасига мувофиқ танланган мутахассисликлар бўйича тўлов-контракт асосида магистратурага кейинги навбатда, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этган ҳолда қабул қилишга тавсия қилади.

28. Қабул комиссиясининг магистратурага тингловчиликка қабул қилишга тавсия этиш тўғрисида якуний қарори ҳар йили 23 августдан кечиктирмай расмий эълон қилинади.

29. Академия ректорининг тингловчиларни давлат гранти асосида магистратурага қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 30 августга қадар қабул қилинади.

30. Магистратурага тўлов-контракт асосида қабул қилишга тавсия этилган шахсларга Қабул комиссиясининг қарори асосида Академия ректори буйруғига биноан ўқув йили бошидан ўқув машғулотларида қатнашишларига рухсат этилади.

Номзодларни Академия магистратурасига тўлов-контракт асосида қабул қилиш Академия билан жисмоний ёки юридик шахслар ўртасида белгиланган тартибда имзоланган контракт (шартнома)да кўрсатилган тўлов суммаси тўлангандан сўнг расмийлаштирилади.

31. Магистратурага кириш тест синовлари натижалари юзасидан номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун Академия ректорининг буйруғига асосан Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссиясига шикоятлар кириш тест синовлари натижалари эълон қилинган кундан бошлаб, беш иш куни мобайнида Апелляция комиссияси раиси номига номзодлар томонидан ариза билан берилиши мумкин.

Апелляция комиссияси тақдим этилган аризаларни улар келиб тушган кундан бошлаб уч кундан ошмаган муддатда кўриб чиқади.

Академия магистратурасига кириш тест синовларини қайта топшириш тақиқланади.

32. Магистратурага хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида қабул қилинади.

I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар (ҳужжат топширган мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосидаги қабул квоталари доирасида белгиланган ўтиш баллини тўплаган бўлса) қабулига алоҳида давлат гранти ажратилиб Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади.

3-боб. Қайта тайёрлаш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тартиби

33. Академиянинг бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш курсларига (кейинги ўринларда қайта тайёрлаш курслари деб аталади) тингловчилар олий маълумотли ҳамда танлаган мутахассислиги бўйича камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган вазирлик ва бошқа ташкилотлар ходимлари таркибидан қабул қилинади.

34. Тингловчиларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш масалалари ўқув дастурларининг давомийлигидан келиб чиқиб, Академия кенгаши қарори билан белгиланади.

35. Тингловчиларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун ташкил этилган Академия танлов комиссияси (кейинги ўринларда Танлов комиссияси деб аталади) томонидан амалга оширилади. Танлов комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Академия ректори томонидан тасдиқланади.

36. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш Академия таъминоти учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ҳамда вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан тузилган (буютмачилар) тўғридан-тўғри контрактлар асосида амалга оширилади.

37. Қайта тайёрлаш курслари дастурлари бўйича ўқитиладиган номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

номзоднинг юқори шахсий ва касбий сифатлари;

юқори маънавий-маърифий ва одоб-ахлоқ сифатлари;

юқори ишчанлиги, меҳнатсеварлиги, уюшқоқлиги, масъулиятлиги;

илмли, сиёсий ва бошқарув дунёқарашининг кенглиги, эрудиция, шунингдек, Академиядаги таълим дастурларини ўзлаштириш учун керак бўладиган танлаган мутахассислиги соҳасида билим ва кўникмаларга эга эканлиги.

38. Қайта тайёрлаш дастурлари доирасида ўқиш учун номзодлар Танлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

мутахассислиги кўрсатилган ҳолда белгиланган шаклдаги ариза;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асли (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илованинг асли;

номзод фаолият олиб бораётган иш жойидан тавсифнома;

3,5 x 4,5 ҳажмдаги 6 та рангли фотосурат;

ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа;

086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;

меҳнат дафтарчасидан нусха;

Қабул комиссиясига асл нусхаларини кўрсатган ҳолда паспорт ва ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси.

39. Номзодлар қайта тайёрлаш курсларига Танлов комиссияси томонидан суҳбат орқали танлаб олинади.

Суҳбат ўтказишдан мақсад номзодларнинг танлаган мутахассислиги соҳасида назарий ва амалий билимга, бошқарув кўникмаларига, мантиқий, таҳлилий ва креатив фикрлашга эга эканликларини, шунингдек уларнинг етакчилик сифатларини аниқлашдан иборат.

Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда «Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик», «Мутахассислик» ва «Амалий инглиз тили» фанлари бўйича ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳамда уларнинг натижаларини баҳолаш мезонлари Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.

40. Суҳбат натижалари 100 баллик тизим бўйича баҳоланади. Белгиланган максимал баллнинг 55 фоизидан кам бўлмаган суҳбат натижаларига эга номзодлар танловдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.

41. Танловдан муваффақиятли ўтиб, юқори балларга эга бўлган номзодлар мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари тингловчилари таркибига киритилиши учун Танлов комиссияси томонидан тавсия қилинади.

4-боб. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тартиби

42. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг малакаси Академия таъминоти учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ҳамда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар (буютмачилар) билан тузилган тўғридан-тўғри контрактлар асосида амалга оширилади.

43. Академия малака ошириш курсларига тингловчиларни рўйхатга олиш ташкил этиладиган курслар хусусиятидан келиб чиқиб, Академия томонидан буюртмачилар билан тузиладиган икки томонлама шартномалар асосида белгиланади.

44. Номзодларни бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг тегишли ёзма мурожаатлари асосида Академия ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

45. Академия ҳудудларда замонавий шароитларда банк, молия ва солиқ соҳаси бошқарув кадрларининг касбий компетенцияларига қўйилаётган талабларни ҳисобга олиб, Академия профессор-ўқитувчиларини жойларга чиқишини ташкил этган ҳолда тегишли соҳаларнинг маҳаллий кадрлари учун:

сайёр ўқув-амалий семинарлар ташкил этиш, малакасини ошириш, маҳаллий бошқарув ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги чуқур ва амалиётга йўналтирилган билимларини, шунингдек стратегик режалаштириш, давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларини самарали амалга ошириш, горизонтал ва вертикал муносабатларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантириш;

сайёр ўқув-амалий семинарлар доирасида тингловчиларда фаолиятни режалаштириш ва иш режалари («йўл ҳариталари»)ни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантириш, мунтазам равишда интерфаол машғулотлар ва «давра суҳбатлари»ни ўтказиш;

малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарларни ўтказиш жараёнида аниқланган муаммо бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш чораларини кўради.

46. Мазкур Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ РАСМИЙ ВЕБ-САЙТИ
Сайтга ўтиш

ЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ПОРТАЛИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТ ПОРТАЛИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
Сайтга ўтиш

ЎЗБЕКИСТОН БАНКЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИ
Сайтга ўтиш