Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси жамоаси халқимиз ободлиги, эртамиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ватандошларимизни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайди.

Ватан ҳимоячиси деганда, аввало, харбий либосдаги қўлига қурол тутиб ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган аскарларни кўз олдимизга келтирамиз. Лекин ўз билими, фидоийлиги билан ватанимиз истиқболи, келажаги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган ҳар бир инсон Ватан ҳимоячисидир. Шундай экан, мамлакатимиз келажаги йўлида астойдил хизмат қилаётган, ватан манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўядиган, ўз касбининг билимдонлари, атрофдагиларга бефарқ қарамайдиган инсонлар ҳақиқий Ватан ҳимоячиларидир.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида ана шундай фидоий инсонлар талайгина. Улар мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда ва банк, молия соҳалари учун истиқболли кадрлар тайёрламоқда.

Бугун 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Академияда тадбир ташкил этилди. Тадбир аввалида сўзга чиққан академия ректори Б.Т.Бердияров барчани ушбу айём билан табриклаб, Ватанимиз осойишталиги йўлида кечаю-кундуз сарҳадларимизни ҳимоя қилаётган барча Ватан ҳимоячиларига ташаккур айтди. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида хавфсизликни таъминлашдаги кўп йиллик фидокорона меҳнатлари учун Ўзбекистон Республикаси миллий гвардияси Тошкент шаҳар қўриқлаш бошқармаси 2-алоҳида баталъони командири подполковник Жўраев Нодир Ахмаджановичга ҳамда 4-отряд ходими Уразов Рустам Абдуқодировичга ташаккурномалар топширилди.

Байрам тадбири қизиқарли саҳна кўринишлару, ажойиб томошаларга бой бўлди.  

Академияда куннинг иккинчи ярмида профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар иштирокида яна бир муҳим тадбир ташкил этилди. Тадбир меҳмонлари Мудофаа Вазирлиги подполковниги Қосимов Зафар ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти подполковниги, “Дўстлик” ордени соҳиби Давлетов Бегзод мамлакатимизнинг харбий салоҳияти, халқаро мусобақаларда эришилаётган фаҳрли ғалабалар ҳақида гапириб ўтди.  Ватанимиз харбий салоҳиятини намойиш этувчи видеоролик ҳам тингловчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбир якунида Академияда таҳсил олувчи қизлар меҳмонлар ва барча ватандошларимизни байрам билан табриклаб, ватан ҳимояси йўлидаги машаққатли ва шарафли хизматларида зафарлар тилади.

Яна бир бор байрам муборак Азиз Юртдошлар!!!


Улашинг: