Бугунги кунда мамлакатимизда бошқа соҳалар каби иқтисодиёт соҳаси ҳам жадаллик билан ривожланмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор меҳанизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгайтирилмоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам иқтисодиётимизни тубдан ислоҳ қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Мамлакатимизда банк секторини ривожлантириш, банк хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, замонавий хизмат турларини жорий этишда жаҳон тажрибаларидан фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.  Давлат улушига эга бўлган тижорат банкларида замонавий корпоратив бошқарув тамойиллари, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фаолият самарадорлиги ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали уларнинг шаклини ўзгартириш борасидаги ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Банк секторини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар илғор халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда банк соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш бугунги куннинг муҳим талабидир.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 31 октябрь санасида қабул қилинган “Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4503-сонли Қарори ҳам шунга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида банк, молия, солиқ тизими ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун бошқарув кадрлари ва мутахассислари тайёрланади, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизими ташкил этилган, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрланади.

Корпоратив бошқарув, молиявий менежмент, аудит, молиявий хатарларни бошқариш, ахборот-коммуникация технологиялари, қимматли қоғозлар бозори соҳаларида банк секторининг юқори малакали кадрларини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро тажрибаларни жорий этиш мақсадида Академияда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

14-28 ноябрь кунлари  Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси таклифига биноан Халқаро молия корпорацияси(ХМК) экспертлари иштирокида семинарлар ташкил қилинмоқда. Ушбу семинар доирасида жаҳоннинг нуфузли ташкилотларида фаолият юритувчи, бу соҳада юқори тажрибага эга иқтисодчи олимлар Академияга ташриф буюрмоқдалар. Улар тингловчилар учун банк соҳасини янада ривожлантириш, жаҳон тажрибаларини Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи банкларда жорий этишнинг замонвий усуллари, янги хизмат турларини  яратиш бўйича қимматли маълумотлар бермоқда. Семинарда Академия тингловчилари банк секторидаги мавжуд камчиликларни бартараф этишнинг жаҳон амалиётидаги усулларидан бохабар бўлишмоқда.

Ушбу дастур доирасида Хельма Пурвинска(Латвия), Е.Ю.Горохов(Россия), К.Данильченко(Россия), А.Пикер(Австрия)лар Академияда ўзларининг маърузалари билан иштирок этдилар.

22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Австрия,  Германия,  Италия,  Россия,  Полша, Қозоғистон,  Қирғизистон,  Тожикистон,  Сербия,  Словения,  Босния ва Герcеговина,  Черногория, Хорватия,  Косово каби мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида катта лойиҳаларни амалга оширган, 10 та тил(немис, инглиз,  рус,  поляк,  серб / хорват / босния, испан, француз, италян,  словян,  қозоқ)ни билиш қобилиятига эга, 20 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарув лавозимларида фаолият юритган, банк бошқаруви соҳасида юқори амалий тажрибага эга, ҳозирги кунда Transparency International Austrian Chapter бошқарувчи директори ХМК эксперти Александр Пикер(Австрия) “Банкинг на основе блокчейн” мавзусида семинар олиб борди. Маруза давомида тингловчилар жудда катта назарий билимларга эга бўлдилар. Академия тингловчилари томонидан турли тилларда берилган саволларга А.Пикер ўзининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб жавоблар берди.

Мамлакатимизда банк секторини ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш, ривожланган мамлакатлар тажрибаларини жорий этишда банк соҳасидаги кадрларни тайёрлаш жараёнида халқаро тажрибаларга асосланган ана шундай семинарлар жуда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу семинарлар  Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида жорий йилнинг 28 ноябрь санасигача давом этади.


Улашинг: