Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида 23 йил давомида минглаб бошқарувчи кадрлар етишиб чиқди. Ҳозирги кунда уларнинг аксарияти юқори лавозимларда фаолият олиб бориб, иқтисодиётимиз ривожидга ўзларининг ҳиссаларини қўшишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида янги ўқув йилининг бошланганлиги муносабати билан  2019-2020 ўқув йилида таълим сифатини янада ошириш, тингловчилар сафига қўшилган ёшларга Академия ички тартиб-қоидаларини етказиш мақсадида Академия жамоаси ва 1-курсга қабул қилинган тингловчилари ўртасида учрашув ташкил этилди.

Мулоқотда сўзга чиққан Академия ректори Б.Т.Бердияров сўзининг аввалида 1-босқичга қабул қилинган тингловчиларни қутлади. 2019-2020 ўқув йилида Академияда ўқиш истагида бўлган 469 нафар номзод ҳужжатларининг 389 таси белгиланган Низом талабларига кўра қабул қилинди. Жорий йилнинг 10 сентябрь санасида Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университетида бўлиб ўтган кириш тест синовлари натижаларига кўра 202 нафар номзод яъни 77 нафари таълим гранти ва 125 нафари тўлов-шартнома асосида Академия тингловчилари сафига қабул қилинди. “Сизлар ана шу бахтга эришган энг омадли инсонсиз”, дея барча тингловчиларни табриклади. Академия тарихи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди ва уларни таълим тизимига оид Қарор ва Фармойишлар билан таништириб ўтди. Академия ички тартиб-қоидалари ҳақида маълумотлар берди.

Тингловчилар Академияда фаолият юритаётган бўлимлар, кафедралар ва Академия жамоаси билан таништирилди. Тингловчилар учун яратилган имкониятлар, шароитлар, янгиликлар, электрон китоблар ҳақида маълумотлар берилди. Ўз мутахассисликларини ва чет тилларини мукаммал ўрганиш бугунги кун талаби эканлиги таъкидланди. Инглиз тилини ўрганиш борасида Академия тингловчилари учун қўшимча факультатив дарслар ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.

Учрашув давомида тингловчиларни қизиқтирган саволларга Академия раҳбари ва жамоаси батафсил маълумотлар бериб ўтишди. Тингловчиларга қулайлик яратиш ва таълим самарадорлигини янада ошириш мақсадида амалга оширилаётган янгиликлар билан таништирилди.

Янги ўқув йили барчамиз учун илм-фан ва таълим тараққиётида янги - юксалиш даври бўлади, деган умиддамиз. Бу мақсад йўлида Академиянинг барча тингловчиларига омад тилаб қоламиз. Келажакда ватанимиз иқтисодиёти ривожи учун ўз хиссангизни қўшишингизга ишонамиз.

 


Улашинг: