Банк-молия академияси ташаббуси билан Биринчи Тошкент халқаро бошқарув форуми ўтказилди

 

Жорий йилнинг 24-29-сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ташаббуси билан ўтказилган Тошкент халқаро бошқарув форуми Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида щтказилди. Тадбир молия соҳасидаги таянч олий таълим муассасаси яъни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси томонидан ташкил этилди. Ҳамкорларимиз Россия директорлар институти, Қозон федерал университети ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг корпоратив бошқарув олий мактабидир.

Бош ҳамкор “Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” Форумни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Форумнинг мақсади – давлат ва хусусий корхоналар, компаниялар, банклар ва молия ташкилотлари раҳбарлари, кичик ва ўрта бизнес вакилларини бошқарув ва лидерлик соҳасидаги илмий-амалий тадқиқотларнинг энг долзарб натижалари билан таништириш, уларнинг малакасини, бизнес самарадорлигини оширувчи амалий кўникма ва воситалар билан бойитишдан иборат.

Форум маърузачилари бошқарув масалалари бўйича фахрий олимлар ва амалиётчи-экспертлар бщлишди. Улар орасида:

  1. Асмолов Александр Григорьевич - психология фанлари доктори, Россия Таълим Академияси академиги, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети психология факультетининг шахс психологияси кафедраси мудири, “Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқот университетининг илмий-тадқиқотчи профессори, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви Академиясининг ижтимоий Фанлар Бўлажак антропология институти мактаби директори.
  2. Филатов Александр Александрович - "Молиявий технологиялар" курси бўйича Массачусетс технология институти битирувчиси, Венчур “Genezis Technology Capital” фондининг ҳамкори. Доктор Филатов корпоратив директор сертификатига эга бўлиб,  “Сбербанк” ОАЖ акциядорлар қўмитаси аъзоси, профессионал корпоратив директор ҳисобланади.
  3. Доктор Грегг Робинс – City Bank, UBP Bank ва UBS Bank экс вице-президенти, Oxford Университетининг молия фанлари магистри ва фан доктори илмий даражасига эга.
  4. Вербицкий Владимир Константинович - Россия директорлар институти директорининг биринчи ўринбосари, профессионал корпоратив директорлар Миллий реестри Кенгаши раиси.
  5. Ведев Алексей Леонидович – иқтисод фанлари доктори, профессор, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви Академияси, амалий иқтисодий тадқиқотлар институтининг тизимли тадқиқотлар лабораторияси бошлиғи. "Тизимли ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва барқарор иқтисодий ўсиш" йўналиши бўйича Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий кенгаш ишчи гуруҳи аъзоси.
  6. Дробышевский Сергей Михайлович – иқтисод фанлари доктори, Гайдар номидаги Иқтисодий сиёсат институти илмий-тадқиқот ишлар бўйича директори. Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Экспертлар Кенгаши аъзоси.
  7. Календжян Сергей Оганович - иқтисод фанлари доктори, бизнес бошқаруви доктори, профессор, Россия Федерациясининг фахрий иқтисодчиси. Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви Академиясининг корпоратив бошқарув Олий мактабининг асосчиси ва декани. Европа университети (Швейцария) ва Европа халқаро менежмент институти (Франция)нинг фахрий доктори. Кўплаб илмий ишлар, монографиялар ва ўқув-услубий қўлланмалар, шу жумладан 16 та рус-немис тилидаги "Самарали бошқарув тизими" дарсликлари муаллифи.

Форум икки ялпи мажлис ва саккизта интенсив маҳорат дарсларидан ташкил топди. Тингловчилар сонини ошириш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат компаниялари ва давлат органлари ходимларининг қамровини кенгайтириш мақсадида ялпи мажлисларда онлайн иштирок этиш этиб белгиланди.   

Тошкент халқаро бошқарув форуми давомида Қозон (Волга вилояти) федерал университети билан ҳамкорликда бакалавр йўналиши бўйича молия ва кредит мутахассислиги ҳамда магистратура йўналиши бўйича молиявий таҳлил мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурларининг тақдимотлари бўлиб ўтди. Ўқувлар ҳар икки университетнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида, аралаш шаклда, юзма-юз ва онлайн тарзда ўтказилди.

Банк-молия академияси ректори Ядгаров Тимур Дамирович таъкидлаб ўтганидек Қозон Федерал университети ва Корпоратив бошқарув Олий мактаби Россиянинг илғор университетларидан бўлиб, энг яхши ўнта таълим муассасалари қаторидан ўрин олган. Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки кўмагида мазкур олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш Банк-молия академиясига таълим хизматларининг халқаро бозорига чиқиш, қўшни давлатлардан талабаларни жалб қилиш ва Тошкентда жаҳон даражасида таълим бериш имконини беради.  


Улашинг: