Банк-молия академияси жамоаси барчангизга мустаҳкам соғлиқ тилайди. Республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида барча таълим муассасаларида карантин жорий қилинди. Академия раҳбарияти барча профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва тингловчиларнинг саломатлигини ўйлаб ҳамда бугунги кунда ахборот технологиялари имкониятларини ҳисобга олган ҳолда вақтинчалик масофавий ўқув жараёнига ўтганлигини маълум қилади.

Эндиликда тингловчилар бемалол уйдан чиқмаган ҳолда маърузаларни тинглаши мумкин. Кўпчиликка бу ҳолат айни муддао, чунки хоҳлаган вақтда, хоҳлаганча, хоҳлаган жойида маърузалар билан танишиб бориши мумкин. Лекин биз Сизларнинг саломатлигингизни ўйлаб, хоҳлаган “жой”да эмас, уйда ўтириб, видеомаърузаларимизни кузатиб бориш тарафдоримиз. “Аттанг, домла нима деганини эшитолмай қолдим” ёки “конспект қилишга улгуролмай қолдим, мен учун керакли маълумотлар эди”, дегандай муаммолар ҳам бўлмайди.

Видеомаърузалар Академиянинг расмий Youtube канали (https://www.youtube.com/channel/UCBBDIKK8ME9GgQ7aCRufZug?view_as=subscriber) ва Telegramдаги гуруҳлари орқали бериб борилади.

Масофавий таълим жараёнини ташкил этиш ҳар томонлама жамоанинг ҳамда тингловчиларнинг саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Масофавий ўқув жараёнида фаол иштирок этинг ва видеомаърузаларимизни кузатиб боринг.

Ҳа айтганча, Академия раҳбариятининг бу қароридан профессор-ўқитувчилару, ходимлар ҳам мамнун. Улар вазиятни тўғри баҳолаб, ижтимоий ҳимояни таъминлаб берган Академия раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирмоқда.


Улашинг: