Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 сентябрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳа мутасаддилари олдига қатор масалаларни қўйди. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши лозимлиги таъкидланди.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси  “Солиқлар ва солиққа тортиш”  кафедраси мудири и.ф.д. И.М.Ниязметов Ўзбекистон Либерал Демократик партияси эксперти сифатида партиянинг матбуот хизмати ходимларига интервью берди.

И.М.Ниязметов қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш сабаблари ва натижалари ҳақида матбуот хизматига берган  маълумотларида қуйидагиларни  келтириб ўтди:

Маълумки, 2019 йилдан киритилган ўзгартиришларга кўра ҚҚСнинг базавий ставкасини пасайтирмасдан унинг қамровини кенгайтириш ишлари бошлаб юборилди. Бунда тадбиркорлик субъектларини умумбелгиланган солиқ режимига, яъни ҚҚСга мажбурий ўтказишнинг ягона мезони сифатида ялпи тушум (оборот) белгиланди. Яъни, солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ҚҚС тўлашга ўтказилди. Шу билан бирга, солиқ даври давомида обороти 3 млрд сўмдан ошмайдиган хўжалик субъектлари учун ҚҚСни ҳисоблаб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилди.

Бироқ, ҚҚСни ҳисоблаб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини қўлловчи тадбиркорлик субъектлари олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кирим қилинган ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Натижада бундай корхоналар иштирок этган ишлаб чиқариш циклида ҚҚС занжири барибир тўлиқ ишламайди.

2019 йилдан киритилган ўзгаришлар натижасида ҚҚС нуқтаи назаридан тадбиркорлик субъектлари қуйидаги 3 тоифага бўлиниб қолди:

– ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошмаганлиги учун ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектлари;

– ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмаган ва соддалаштирилган режимда ҚҚС тўлашга ўтган тадбиркорлик субъектлари;

– ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошганлиги муносабати билан мажбуран ҚҚСнинг умумбелгиланган режимига ўтган тадбиркорлик субъектлари;

Агар, реал ҳаётдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 2019 йилда аксарият тадбиркорлик субъектлари юзага келаётган ҚҚС муаммосидан қутулиш учун ўз тушумини 1 млрд сўмдан ошириб юбормаслик чораларини кўришди. Бунга улар уч хил йўл билан эришишлари мумкин:

(1) тушумини 1 млрд.га етказмаслик учун яшириш;

(2) обороти 1 млрд сўмга етган фирмани ёпиб, бошқасини очиш;

(3) параллел фирмалар таъсис этиб, уларнинг оборотини назорат қилиш. Буларнинг барчаси эса яширин иқтисодиётга йўл очади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, 2019 йилдан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҚҚС механизми соддалашмади, аксинча, янада табақалашиб кетди. Ваҳоланки, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш механизмининг соддалаштирилиши солиқ ислоҳотларининг энг асосий йўналиши сифатида белгиланган эди.

Бу эса ўз навбатида қуйидаги муаммоларни келтириб чиқарди:

– нархларнинг кўтарилиши ва инфляциянинг кучайиши;

– фаолият турлари бўйича алоҳида ҳисоб-китобнинг талаб қилиниши ва солиқ маъмурчилигининг мураккаблашуви;

– ҚҚС механизмининг тўлиқ ишламаслиги;

– хўжалик субъектлари томонидан тушумнинг яширилиши, яширин оборотларнинг кўпайиши.

Айнан юзага келган мана шу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 сентябрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши лозимлигини таъкидлади.

Молия вазирлиги мазкур ҳолатда давлат бюджетига йиллик 10 трлн йўқотиш кутилишини маълум қилган. Тўғри, бундай ҳолат ставка пасайтирилгандан кейинги дастлабки қисқа даврда кузатилиши мумкин.

Аммо, фикримизча, бундай хавотирланиш ўринсиз. Чунки, биринчидан, ҚҚСнинг йиғилувчанлик даражаси, таҳлиллар кўрсатганидек, 90 фоиздан кам бўлиб келган. Демак, амалдаги 20 фоизли ставка бўйича ҳисоблаб чиқилаётган ҳар йилги ҚҚС суммасининг 10 фоиздан ортиқ қисми бюджетга ундириб олинмасдан солиқ боқимандаси сифатида тўпланиб келган. Ушбу ҳолатнинг ўзи ҳеч қандай йўқотишсиз, 17 фоизли ставка билан ҳам ҚҚС бўйича амалдаги тушумларни таъминлаш мумкинлигидан далолат беради.

Иккинчидан, Президентнинг 27 июндаги ПФ-5755-сонли фармони билан ҚҚС бўйича амалдаги кўплаб имтиёзларнинг олиб ташланиши натижасида ҚҚС занжирли механизмининг тўлақонли ишга тушиши ҳам мазкур солиқ бўйича тушумлар йўқотилишининг олдини олади.

Ва энг асосийси, Ўзбекистондаги норасмий иқтисодиётнинг амалдаги салмоғидан келиб чиқадиган бўлсак, ҚҚС сабабли бюджет йўқотиши умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Аксинча, ҳозирги 20 фоизли ставкадан чўчиб ўз тушумларини 1 млрд.лик чегарадан ўтказмай келаётган тадбиркорлик субъектларининг солиқ ставкаси 15 фоизга туширилиши муносабати билан стандарт ҚҚСга ўтишларига рағбат пайдо бўлиши ушбу солиқдан бюджетга тушумларнинг секин-аста кўтарилиб боришини таъминлайди.