Сакура-Япониянинг анъанавий гули, у айни дамдаги ҳаёт завқини ифодалайди. Бу дарахтнинг гуллари японларга ўзгача завқ бағишлайди. Дарахт гуллай бошлаши билан анъанавий Japan Cherry Blossom фестивалига ҳам старт берилади. Сакуранинг гуллаш даври Японияда апрел ойининг илк кунларига тўғри келади.

Буни қарангки, ўз ватанида апрел ойида гуллайдиган бу дарахтга ҳам она заминимиз иқлими ёқди, шекилли. Март ойининг ўрталариданоқ, ўзининг ажойиб гулларини атрофдагиларга тезроқ намойиш этишга шошилди. Қаерда дейсизми? Тошкент шаҳрининг марказида, аниқроғи Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси  боғида. Айни дамда сакура дарахтлари атрофга кўрк бағишламоқда. Кўрган кишининг баҳри-дили очилади.

Академия боғига экилган сакура даратлари ҳам  ўз тарихига  эга.  2003 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг биринчи проректори Ташехару Китамура  7 туп сакура ниҳолларини Япониядан келтириб, Ўзбекистон ва Япония орасидаги ўзаро дўстлик рамзи сифатида академия боғига ўтказган эди.

Расмда Банк-молия академиясининг биринчи проректори Ташехару Китамура, Япония делегацияси аъзолари билан сакура  ниҳолларини экишмоқда.

Орадан ўтган 16 йил давомида ниҳоллар бўй чўзиб катта дарахтга айланди. Сакура дарахти гулларини томоша қилиш учун шаҳримизнинг турли ҳудудларидан кишилар келишмоқда.