Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида 2018 йил 7 май куни “Инсон қадри улуғ, хотира – муқаддас” мавзусида Давра суҳбати ўтказилди.

IMG_9350

Давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг ректори профессор А.Ш.Бекмуродов кириш сўзи билан очиб берди. Инсон азиз, хотира боқий. Мустақиллик, тинчлик улуғ неъмат. Халқимизнинг озодлиги, юртимиз ободлиги ва фаровонлигида, бугунги тараққиётимизда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг хизматлари беқиёс аҳамиятга эгалиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Давра суҳбатида II Жаҳон Уруши қатнашчилари – генерал-майор Ортиқбоев Абдулла Ортиқбоевич, сержант Акрамов Акмал Акрамович ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши Раиси ўринбосари, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши Раиси ўринбосари Мажид Ҳамдамович Умаровлар ўз хотиралари ва республикада амалга оширилаётган улкан ишлар ҳақида батафсил гапириб бердилар.

IMG_9362

Иккинчи жаҳон урушида 1,5 миллион ватандошларимиз оловли жанг майдонларида мардонавор курашди ва уларнинг 500 мингинаси юртимизга қайтди. Ушбу фахрий  нуронийларнинг атиги 1000 дан ортиғи бугун орамизда. Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, қолаверса, юртимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш,  барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, кам кўстини тўлдиришга ҳукуматимиз ва кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил ҳам Иккинчи Жаҳон урушида қатнашган фахрийларга пул мукофотлари топширилди, уларнинг истагига кўра хизмат қилган давлатларига бепул бориб саёҳат қилиш имконияти яратилди, хонадонлари таъмирланди.

IMG_9379

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари чин маънода қаҳрамонлардир. Бугун ҳукуматимиз, халқимиз ардоғида бўлган бу нуронийлар ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун. Тилидан шукрона тушмайди. Дуоларида юртимиз тинчлиги, озодлиги, ободлик ва фаровонлик, тараққиёт  бардавом бўлишлигини тилайди. Кексаларни қадрлаган ва уларга муносиб ҳурмат кўрсатган, ёшларни ҳар томонлама қўллаб – қувватлаган, хотираси уйғоқ миллат ва халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

IMG_9480

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида бўлиб ўтган Давра суҳбатида меҳмонлар билан кўп савол-жавоблар бўлди, тадбир академия тингловчилари, профессор-ўқитувчилари ўртасида зўр қизиқиш уйғотди ва ватанпарварлик ҳиссини янада мустаҳкамлади.

IMG_9497